group-telegram.com/Ozbekistonn_tyuzbekk_unchamuncha/114599
Last Update:
“Регистон” майдони иқтидорли мактаб ўқувчиларини бирлаштирди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Турон” мактаб театри ҳамда “Иқтидор” мактаб ансамбли танловларининг Республика босқичи синов жараёнларига 17 июнь куни Самарқанд шаҳрида тантанали старт берилди.
Бунда ҳар бир танлов бўйича ҳудудлардан келган 14 та жамоа (ҳар бир ҳудуддан 1 тадан) белгиланган шартлар асосида куч синашади. Баҳслар таниқли санъаткорлар ва соҳанинг малакали мутахассислари томонидан баҳоланади.
Шунингдек, иштирокчи ўқувчилар Самарқанд шаҳридаги тарихий ва маданий обидаларга саёҳат қилишади.
“Турон” мактаб театри танлови баҳслари ҳудуддаги Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театрида, “Иқтидор” мактаб ансамбли танлови баҳслари Нурафшон санъат саройида ташкил этилади. Танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими “Боқий шаҳар” мажмуасида бўлиб ўтади.
Якуний натижаларга кўра, ғолиб деб топилган жамоа аъзолари хорижий давлатлар (“Турон” мактаб театри танлови ғолиблари — Туркияга, “Иқтидор” мактаб ансамбли танлови ғолиблари — Озарбайжонга) таълим саёҳатига юборилади.
Шунингдек, танловларда 2-3-ўринларни қўлга киритган жамоалар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.