Telegram Group Search
Бугун Олий судда мамлакатимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тантанали тадбир иштирокчилар томонидан Давлат мадҳияси баралла айтиш билан бошланди.

Олий суд раиси Б. Исломов, Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров ва Судьялар ассоциацияси раиси У. Мингбоев судья ва суд ходимларини самимий қутлар экан, Мустақиллик байрамининг шонли 34 йиллиги арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя халқимизнинг юксак кўтаринки кайфиятини яққол ифодалаётгани, юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончи тобора мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидладилар.

Бугунги кунда суд ҳокимияти билан боғлиқ ташаббусларнинг асосий жиҳатлари суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллиги кафолатларига, судлар фаолияти ва суд тизимига ҳамда судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган бўлиб, унинг негизида “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимига эришиш истаги мужассамдир.

Таъкидланганидек, Президент Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, сўнгги саккиз йилда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг кўламли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 2017 – 2025 йилларда Олий суд томонидан 280 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, суд тизимига оид 65 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 21 август куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида судлар учун тарихий ҳужжат бўлиб киргани мамнуният билан эътироф этилди.

Муболағасиз, мазкур фармонлар судлар фаолиятини рақамлаштириш, судья ва суд ходимларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек одил судловни амалга ошириш тизимини янги босқичга олиб чиқишда истиқболли дастур бўлади.

Шунинг баробарида судьялар мустақиллиги, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлида ҳам муҳим ишлар олиб борилмоқда. Буни ҳар бир судья ва суд ходими ўз фаолиятида аниқ ҳис этиб турибди.

Судья ва суд ходимларининг масъулиятли фаолияти давлатимиз томонидан доимо юксак қадрланиб келинмоқда. Давлатимиз томонидан мустақиллик йилларида ўз касбига муносиб бўлган 70 га яқин судья ва суд ходимларининг давлат мукофотларига сазовор бўлгани ҳам бу фикрнинг амалий тасдиғидир.

Президент томонидан Мустақиллик байрами муносабати билан фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ судьяларнинг давлат мукофотига муносиб деб топилгани суд тизимига бўлган ишончнинг яққол тимсоли, десак хато бўлмайди.

Хусусан, Олий суд судьяси Ибрагим Таджиев - “Содиқ хизматлари учун” медали ҳамда Андижон туманлараро иқтисодий судининг раиси Сардорбек Рустамов ва Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Рохила Худойбердиева - “Шуҳрат” медалига сазовор бўлиб, уларга давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Бугунги байрам тадбирида бир гуруҳ суд фахрийлари, судья ва ходимлар, бошқа идора вакиллари Олий суд раисининг Фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, бир гуруҳ судья ва суд ходимларига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ судьялар ва суд фахрийлари Судьялар олий кенгаши томонидан ҳам мукофотланди.

Сайт I Telegram I Facebook I YouTube I Instagram
2025/08/27 19:52:52
Back to Top
HTML Embed Code: