group-telegram.com/abdumannop_buriyev/975
Create:
Last Update:
Last Update:
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси АҚШ Президенти Доналд Трампнинг бевосита кўмагида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод этиш бўйича эришилган келишувни олқишлади.
Миср, Қатар ва Туркиянинг ушбу муҳим жараёнда мувофиқлаштирилган фаолиятини ва уларнинг муҳим ролини юқори баҳолаймиз, деб таъкидланди баёнотда.
Албатта ушбу келишув Ғазо секторидаги фожианинг ечилишига катта ҳисса қўшади деб умид билдирамиз.
Кеча тарих саҳифаларида янги боб очилди: ҲАМАС ва Исроил ўртасида доимий ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битим кучга кирди. ҲАМАС музокаралар гуруҳи раҳбари Халил ал-Хайянинг баёнотига кўра, бу сафарги келишув нафақат сўзда, балки АҚШ ва воситачи давлатларнинг қатъий кафолати билан таъминланган.
Бу битим фақатгина сиёсий воқелик эмас, балки узоқ давом этган азоб-уқубатлардан сўнг "инсоният виждони"нинг ҳақиқий ғалабасиҳамдир. Кўплаб айбсиз болалар, аёллар ва кексаларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган бу уруш ниҳоят якунланди.
Бунда Фаластин халқи кўп азиятлар чекди, биз улар билан доим бирдам эканлигимизни, қўллаб-қувватлашимизни билдириб келдик. Ўзбекистон Президентининг Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақидаги қарори қабул қилинди.
Бу борада, Давлатимиз раҳбари “Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз", - деган эди.
Ўзбекистон тинчлик ва барқарорлик ғояларини изчил равишда илгари суриб келмоқда. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги чиқишларида Ғазо секторидаги оғир гуманитар вазиятдан чуқур ташвиш изҳор этиб, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга ошириш BMT резолюцияларига мувофиқ, минтақада барқарорликка эришишнинг ягона йўли эканини қайд этган.
Дунёда осойишталик ҳукм суриши эса барчамиз учун энг улуғ ва қимматли мақсад бўлиб, инсониятнинг умумий интилишига айланиши лозим. Барқарор вa абадий тинчлик Ғазо заминида, бутун Яқин Шарқда мустаҳкам қарор топсин!
Ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишув вақтинчалик сулҳ эмас, балки умид, ишонч ва барқарорлик сари ташланган муҳим қадамдир. Узоқ йиллик можароларни ҳал этиш йўлида ҳар бир тинчлик ташаббуси — инсониятнинг умумий ғалабасидир.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг халқаро минбарлардаги қатъий позицияси, амалий инсонпарварлик ташаббуслари ва тинчлик дипломатияси Яқин Шарқда адолатли тинчликка эришишга хизмат қилмоқда ва бу ёлда Ўзбекистон доимо конструктив мулоқот ва ёрдамга тайёр. Тинчлик — инсониятнинг энг олий қадриятидир. Уни асраш ва мустаҳкамлаш ҳар бир виждонли инсоннинг бурчидир.