group-telegram.com/eltuz2022/35162
Last Update:
НАРПАЙДАГИ "МИРБОЗОР" ТАДБИРКОРЛАРИ НОҚОНУНИЙ ФАОЛИЯТ ВА КОРРУПЦИЯДАН ШИКОЯТ ҚИЛМОҚДА
Самарқанд вилояти Нарпай туманида жойлашган "Мирбозор" хусусий бозорида тадбиркорлар ноқонуний фаолият, солиқчиларнинг иккиюзламачи муносабати ва санитария талабларининг қўпол равишда бузилаётганидан шикоят қилмоқда.
Элтузга келиб тушган мурожаатда таъкидланишича, бозорда ҳужжатсиз ишлаётган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Улар на назорат-касса машиналари (НКМ), на расмий терминаллардан фойдаланади. Солиқчилар бу ҳолатга кўз юмиб, фақат расмий фаолият юритаётган тадбиркорларга босим ўтказаётгани айтилмоқда.
"Ҳужжатли тадбиркорларга ҳар сафар босим бўлади, натижада улардан тушган солиқлар орқали «режа» тўлдирилади. Лекин ҳужжатсиз фаолият юритувчилар орқали бюджет катта йўқотишга учрамоқда", — дейилади мурожаатда.
Мурожаатда бозордаги санитария аҳволи ҳам танқид қилинади. Ошхона ва балиқ савдоси нуқталарида ҳеч қандай назорат йўқ, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талаблари эътиборсиз қолмоқда. "Ҳар қандай пайтда заҳарланиш ёки ёнғин юз бериши мумкин", — дея огоҳлантиришади тадбиркорлар.
Шунингдек, бозор атрофидаги автотураргоҳда ҳам назоратсиз савдо йўлга қўйилган. Бу ҳолат ўт ўчирувчиларнинг киришига тўсқинлик қилмоқда.
Бозорнинг кириш-чиқиш нуқталаридан йиғиладиган пуллар бюджетга эмас, ноаниқ манбаларга йўналтирилаётгани, кўплаб дўконлар ҳужжатсиз қурилгани ва бозор маъмурияти томонидан такси учун ажратилган ерлардан ноқонуний фойдаланилаётгани ҳам мурожаатда қайд этилган.
Мурожаат эгалари вилоят даражасида ҳақиқий текширув ўтказилишини сўраб, маҳаллий солиқ органлари ва бозор маъмуриятига ишонч йўқлигини билдиришган.