group-telegram.com/eltuz2022/35163
Last Update:
ҚОНУННИ ҚЎЛЛАШИ КЕРАК БЎЛГАНЛАР ҚОНУННИ БУЗСА...
2025 йил 21 май куни Каттақўрғон шаҳар суди ИИБ ходимлари Миржахон Узаков ва Саматжон Саматов жиноий жавобгарликка тортди. Саматов Саматжон Кодир ўғли 800 АҚШ доллари пора билан ушлангани учун жазоланди, Узаков Миржаҳон Мирмадиллоевич эса ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани ва фуқарога нисбатан зўравонлик содир этгани учун айбдор деб топилди.
Саматов Саматжоннинг озодлиги 1,5 йилга, Узаков Миржаҳоннинг озодлиги 2 йилга чекланди.
Суд Саматовнинг қилмишида Жиноят кодексининг 211-моддаси, яъни пора олиш ҳолати мавжуд деб топиб, унинг айбини жиддий далиллар асосида тасдиқлади. Тезкор тадбир вақтида ДХХ ходимлари томонидан ундан кимёвий ишлов берилган пуллар ашёвий далил сифатида олинган. Суд Саматовга нисбатан озодликни чеклаш жазосини қўллади. Суд жараёнида у қилмишини тан олди, “кам таъминланган, оила боқувчисиман” деган мазмунда енгиллик сўради.
Иккинчи судланувчи — ИИБ 4-сон бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган Миржаҳон Узаков 2024 йил декабрь ойида “Sim Sim Karaoke” овқатланиш масканида юз берган низода АҚШда яшовчи Ўзбекистон фуқароси Мансуржон Маҳмудовга нисбатан шахсий ғараз билан куч ишлатган. У патруль ходимларини чақиртириб, Мансуржон Маҳмудовни ҳибсга олиш, уриш ва кейин ИИБ маъмурий биносида тан жароҳати етказишга буйруқ берган. Суд бу ҳолатни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш деб баҳолади ва унга нисбатан 206-модда билан айблов қўлланди.
Мансуржон Маҳмудов, судда ўзининг калтакланганини тасдиқлади. Унга нисбатан куч ишлатилгани, ҳақорат ва таҳдид бўлгани шоҳидлар ва видеокузатувлар орқали аниқланди. Аммо, суд ҳукмида “қийноқ” деб белгиланган 235-модда чиқариб ташланди. Судга кўра, жабрланувчи ҳибсда бўлмаган ва қилмиш унга нисбатан “қийноқ” сифатида юридик асосга эга эмас.
Тергов жараёни давомида ҳар икки судланувчи ўз қилмишини қисман тан олди. Ҳар иккаласи ҳам ўз қилмишидан пушаймон эканини баён этди, бир-бирларини танимаслигини ва воқеа шахсий зиддият асосида содир бўлганини таъкидлашди. Бироқ, суд далилларни етарли ва ишончли деб топди.
Жамоатчилик учун энг муҳим жиҳат шуки — ушбу ишда икки турли ҳуқуқбузарлик содир этилди: бири зўравонлик билан шахсий ваколатдан ташқарига чиқиш, иккинчиси эса суд жараёни ортидан ноқонуний даромад орттиришга уриниш. Иккиси ҳам ички ишлар тизимининг сўнгги йилларда ислоҳ қилинаётганини инкор этадиган ҳолатлар сифатида қайд этилиши мумкин.
Айниқса, судгача бўлган жараёнда фуқаро Шодиев Улуғбек томонидан юборилган аудиоёзув, кимёвий ишлов берилган пуллар ва тезкор тадбир орқали порахўрликнинг фош этилгани — тизим ичида шаффоф назорат механизмлари ҳам мавжуд эканини кўрсатади.
Бироқ, ушбу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ички назорат тизимини янада кучайтириш зарурлигини яна бир бор исботлади. Қонун устуворлигини таъминлаш фақат ислоҳот эмас, ижро ва шахсий масъулият масаласи экани ушбу суд ишларида яна бир бор намоён бўлди.