group-telegram.com/eltuz2022/35169
Last Update:
ПАРКЕНТДА ҲАМ БОЛАЛАРДАН ПРЕЗИДЕНТ ПОРТРЕТИ УЧУН ПУЛ ЙИҒИШМОҚДА
Ассалому алайкум, Элтуз жамоаси!
Сизнинг ҳар қандай танқидни очиқ эълон қилишга тайёрлигингиз бизга, оддий фуқароларга, овозимизни эшиттириш учун имконият бермоқда. Шу боис сизга мурожаат қилмоқдамиз.
Мен Тошкент вилояти, Паркент туманидаги 3-сонли умумтаълим мактабида ўқиётган уч фарзанднинг онасиман. Мактабдаги доимий мажбурий пул йиғимларидан чарчадик. Булар айниқса мактаб директори ўринбосари Нафиса исмли ходима томонидан ташкил этилмоқда.
Сўнгги ойда мактаб таъмири учун 35 минг сўмдан пул йиғилди. Орадан кўп ўтмай, ўқитувчиларга "подарка" (совға) баҳонасида яна 60 минг сўмдан пул тўлашимиз талаб қилинди. Норозилик билдирганимизда, "унда 35 мингдан беринглар", деб барибир пулни йиғиб олишди.
Энг ачинарлиси – пул бермаган болалар синфдошлари орасида камситилади, устидан кулинади. Бундай босимлар ҳар бир фарзанднинг психологиясига салбий таъсир қилмай қолмайди.
Эндиликда синфхонага Президент Шавкат Мирзиёевнинг портретини осиш учун ҳам ўқувчилардан 10 минг сўмдан йиғилмоқда. Наҳотки давлат мактабларида бу каби харажатлар ота-оналар зиммасига туширилса?
Президент портрети учун ҳам пул йиғиш – бу ҳаддан ошиш эмасми?
Саволимиз: Президентнинг ўзи бунга нима дейди?
Туман таълим бўлимига қилган мурожаатларимиз бефойда ўтди. Нафисахон бу "йиғим"лардан тўхтайдиган эмас.
Ҳурмат билан,
Паркент туманидаги 3-сонли мактаб ўқувчилари ота-оналари номидан