group-telegram.com/ijod_bustoni/19314
Last Update:
Ёш китобхонга тавсия
Абдулла ҚАҲҲОР. "Ҳақ сўзнинг кучи"
Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1989 й.
…Юқори синфларда ўқиб юрган кезларим, журналда бир қиссачам босилиб чиқди-ю, ўз-ўзидан "мактаб классиги"га айландим-қолдим. Хатлар, сал лофи билан айтганда, кунига қоплаб келади денг. Ўзимча "Ёзиш оппа-осон иш экан-ку! Эҳ-ҳе, мен ҳали…", дея ғўддайиб ҳам қўяман. Тақдирнинг иноятини қарангки, худди шу маҳаллари қўлимга Абдулла Қаҳҳор асарлари олти жилдлигининг охирги томи тушиб қолди. Ҳамон эсимда, муқоваси қора эди. Китобни бир ўқидим, икки… Мақолалар, суҳбатлар, хатлардан ташкил топган китоб мени осмондан ерга тушириб қўйди, адабиёт косибчилик эмас, ўта мураккаб, машаққатли ҳунар эканлигини англатди. Мен шариллатиб ёзиб ташлаётган кўп машқларим "Бўри тишига сера кислотасининг таъсири" қабилидаги довдираш, тўғрироғи "адабий брак" эканлигини, "ёзувчи ўзи ҳис қилмаган нарса тўғрисида ёзса, буни ўқиган ўқувчи ҳам ҳеч нарсани ҳис қилмаслигини" тушундим. Мен "ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун истеъдоднинг ўзи кифоя қилмаслигини, инсоф ҳам кераклигини" англаб етдим. Қарасам, ёзганларимда қолдиришдан кўра ўчирилиши керак бўлган жойлари кўпроқ экан…
Қисқаси, бу китоб мен учун ўзига хос адабий курс бўлди. Китобдан олинган узун-узун иқтибосларни ён дафтаримга кўчириб чарчамасдим. Олтинчи жилд узоқ йиллар ёстиғим остида сақланадиган китоб бўлди. Шунга қарамасдан, роса тарғиб-ташвиқ этганимдан сўнг қизиқиб қолиб, уни олиб кетган бир ҳаваскор танишим қайтариш муддати келганида "йўқотиб қўйдим" деб баҳона қилганида роса куйганман…
Ниҳоят, 1989 йили Абдулла Қаҳҳорнинг мақола ва суҳбатлари беш жилдли "Асарлар"ининг бешинчи жилдида чоп этилди. Шундан буён бу китобни ёнимдан қўймайман.
Ўйлаб қарасам, Қаҳҳор қаламга олмаган мавзунинг ўзи қолмагандай. Куни кеча "Ёшлик"чилар "Ўзингиз ёқтирадиган асарлар ҳақида бир нима ёзиб беринг", деб қолишганида, мен беихтиёр улуғ адибимизнинг "Яхши журналнинг қулоғи халқ кўксида бўлиши керак" деган мақоласини эсладим. Ёдингиздадир: "Журналнинг эндиги вазифалари адабиётимиз олдида турган умумий вазифалардан келиб чиқади. Адабиётимиз олдида турган вазифалар эса ҳамон халқ ҳаётини бўямасдан, бузмасдан кўрсатиш, яхши ҳаёт кечириш учун курашда халққа чин кўнгилдан ёрдам бериш бўлиб қолади". Ҳайратланмай бўладими: худди шу бугун айтилаётгандай туюладиган бу ҳароратли сўзлар 1958 йили қоғозга тушган.
Ўзингиз айтинг, бундай китобни қайта-қайта ўқимай бўладими…
"Ёшлик" журнали расмий каналидан
Уланиш учун: https://www.group-telegram.com/fr/ijod_bustoni.com
BY Бухоро. Ёзувчилар уюшмаси
Warning: Undefined variable $i in /var/www/group-telegram/post.php on line 260
Share with your friend now:
group-telegram.com/ijod_bustoni/19314