group-telegram.com/zambarakning_oqi/1664
Last Update:
Альберта ҳукумати коронавирус тарқалишини аниқловчи ABTraceTogether мобил иловасини тақдим қилди. Унинг ёрдамида провинция фуқаролари коронавирус билан касалланган одамлар олдида бўлганини аниқлаш мумкин.
Дастур қандай ишлайди:
- Телефонингизга дастурни ўрнатасиз (iOS ва Android тизимлари учун)
- Дастур Bluetooth орқали доимий равишда атрофдаги телефонларни қидиради. У фақат ушбу илова ўрнатилган бошқа телефонларни топа олади. Илова ўрнатилмаган телефонлар билан алоқа қилолмайди
- Масалан, бозорга тушдингиз. Сиз бозор қилаётган пайтда дастур бошқа телефонлар билан алоқа қилади ва барча алоқа қилган телефонлар уникал рақамини ёдлаб олади
- Айтайлик, бозорда бўлганлар ичида коронавирус аниқланди. Тест ижобий чиққанидан сўнг, у одам, табиийки, карантинга олинади. Альберта соғлиқни сақлаш вазирлиги бемордан ABTraceTogether дастурига кириб, дастурдаги маълумотлар базасини вазирлик билан улашишни сўрайди.
- Агар бемор рози бўлса, илова орқали у яна қайси фойдаланувчиларга яқин келгани ҳақидаги маълумотларни марказий серверга юборади. Бу иш мажбурий эмас, балки ихтиёрий
- Марказий сервер «57348753487 идентификаторли кишида касаллик аниқланди» деб барча қурилмаларга хабар беради
- Агар сиз юқоридаги одамга яқинлашган бўлсангиз, унинг идентификатори телефонингизда сақланиб қолган бўлади. Шу сабабли сизнинг қурилмангиз вазирликдан маълумотни олганидан сўнг сизга хабар беради — «сиз касалга яқинлашган экансиз», деб.
- Шундан сўнг сиз 811 рақами орқали докторга мурожаат қилиб, энди нима қилишингиз кераклиги сўрашингиз мумкин.
Дастурдан мақсад — касалланганларга яқинлашганларни аниқлаш ва тезкор тест қилиш.
ABTraceTogether фақат аҳолининг сезиларли қисмини жалб қилгандагина муваффақиятли ишлайди, чунки илова фақат у ўрнатилган бошқа қурилмалар билан боғлана олади. Дастурни ўрнатиш ва ундан фойдаланиш ихтиёрий.
Дастур ишлаб чиқувчиси бўлмиш Альберта провинцияси ҳукуматининг сўзларига кўра, телефон эгасининг қаерда бўлгани кузатилмайди, GPS ишлатилмайди. Касал одам ҳақида маълумот тарқатилганида фақат бемор телефонининг уникал идентификатори узатилади; унинг исми, қаерда бўлгани сир сақланади.
ABTraceTogether иловаси яқинда Apple ва Google компаниялари томонидан эълон қилинган тизимга жуда ўхшаш. У тизим ҳали тайёр бўлгани йўқ, шунинг учун Альберта ҳукумати бу дастурни ишлаб чиқди.
Бундай иловалар Сингапур, Жанубий Корея ва Австралия ҳукуматлари томонидан ишлаб чиқилган. Альберта эса Шимолий Америкада бундай дастур ишлаб чиққан биринчи худудга айланди. Бундан ташқари, провинция аҳоли сони бошига тест қилиш бўйича дунёда етакчилардан бири.
Провинция Бош вазири Жейсон Кенни куни кеча карантиндан чиқиш режасини тақдим қилди. Ушбу илова режанинг бир қисми бўлиб, ундан вируснинг қайта тарқалишини олдини олиш учун фойдаланилади.
Суратда: ABTraceTogether дастуридан скриншот.
@zambarakning_oqi
BY Замбаракнинг ўқи

Share with your friend now:
group-telegram.com/zambarakning_oqi/1664