group-telegram.com/diniysavollar/10761
Last Update:
ВИТР НАМОЗИНИНГ ИККИНЧИ РАКАТИДА ЎТИРИШГА ДАЛИЛ БОРМИ?
❓1883-САВОЛ: Бир жойда қуйидаги ҳадисни кўриб қолдим: Ато раҳимаҳуллоҳ дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч ракат (витр намозини) ўқир эдилар, уларнинг орасида ўтирмас эдилар ва ташаҳҳудни ҳам охирги ракатда ўқир эдилар.
Шу ҳадисни тушунтириб берсангиз, чунки бу ҳадисга кўра витрнинг иккинчи ракатида ташаҳҳуд учун ўтириш керак эмас деган маъно чиқмоқда?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мазкур ҳадис сиз кўрган ўринда нотўғри таржима қилинган, чунки мазкур ҳадисда ҳазрати Ато розияллоҳу анҳунинг амаллари нақл қилинган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмас.
Бу ҳадиснинг тўғри таржимаси қуйидагича:
Ато раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: у (Ато) уч ракат (витр намозини) ўқир, уларнинг орасида (яъни икки ракатдан кейин) ўтирмас ва ташаҳҳудни фақат витрнинг охирги ракатида ўқир эдилар.
Агар Ато раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларидаги иккинчи ракатда ўтирмасликдан мурод умуман ўтирмаслик бўлса, у ҳолда бу ҳадис бошқа тобеинлар ва саҳобаи киромларнинг ҳадисларига зид бўлади. Бу ҳолатда саҳобаи киромларнинг ҳадисларига амал қилинади, чунки ҳазрати Ато розияллоҳу анҳу тобеиндир. Саҳоба ва тобеиннинг амаллари ўртасида ихтилоф бўлса, саҳобанинг амали устун қўйилади.
Қолаверса, улуғ муҳаддис имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган узун ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар икки ракатда аттаҳиёт бор” , деганлар. Мазкур ҳадиси шарифда витр намози истисно қилинмаган. Демак, ҳар қандай намознинг, шу жумладан, витр намозининг иккинчи ракатида қаъдага ўтирилади ва ташаҳҳуд ўқилади.
Бошқа бир ҳадисда витр намози шом намозига ўхшаши айтилган. Бундан маълум бўладики, витрнинг иккинчи ракатида ҳам ташаҳҳуд учун ўтириш вожиб бўлади.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.