group-telegram.com/abdumannop_buriyev/998
Last Update:
🇺🇿 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун!
Она тили — миллатнинг юраги, ифтихори ва тафаккури. Унинг қадрини билиш, нуфузини ошириш — ҳар биримиз учун муқаддас бурчдир.
🎓 Шунингдек, тил байрами арафасида яна бир қувончли янгилик: дунёнинг энг нуфузли таълим масканларидан бири — Оксфорд университетидаги “Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари” факультетида эндиликда ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўқитилади!
Бу — нафақат тил байрамимизга муносиб совға, балки она тилимизнинг жаҳон илмий майдонида эътироф этилаётганининг ёрқин далилидир.
Дунёда илм ва маданият ўчоғи бўлган Оксфордда ўзбек тили ўрганилиши — халқимизнинг бой тарихига, маданиятига ва тилига бўлган халқаро қизиқиш ортиб бораётганидан далолат.
Бугунги кунда ўзбек тилини нуфузини янада ошириш учун ва мамлакатимизда тил сиёсатини такомиллаштириш учун юртбошимиз бошчиликларида улкан ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6084-сон Фармони қабул қилинди ва ушбу Фармонда ўзбек тилини нуфузини оширишга қаратилган дастурлар белгиланган бўлиб, унда 2020 — 2030 йилларда Ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
❗️Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлат тилига бўлган эътибор қонун ижодкорлиги жараёнига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.
Авваллари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аввал рус тилида ёзилиб, сўнг давлат тилига таржима қилинган бўлса, эндиликда Қонунчилик палатасига тақдим этилаётган қонунлар тўғридан-тўғри давлат тилида киритилмоқда. Бу — давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни мустаҳкамланаётганининг ёрқин далилидир.
Она тилимиз дунё минбарларида янграйверсин, нуфузи ортиб, абадий яшасин!

